Ташхис газетасида чоп этилган мақолалар:

  1. Жиғилдон қайнаши жафолари.
  2. Таъсирчан ичак тажангликлари.
  3. Ўт ҳалтасиз ўтаётган кунлар.
  4. Ёғли жигар - хавфли жигар.
  5. Эндоскопия - ичингиздаги олам инъекоси.
  6. Хеликобактер пилори - инқилобга сабабчи бактерия.
  7. Эҳтиёт бўлинг: Гастропатия!
  8. Қоним кетди - жоним кетди.
  9. Ич нега қотади?
  10. Халитоз - ичим носоз.
  11. Диспепсияни даволаш даркор!
  12. Шамоллашнинг дорисиз даволари.
  13. Қорин нега дам бўлади?

Келгусида чоп этиши режалаштирилган мавзулар: "Ўт қопи яллиғланиши", "Панкреатит қандай дард?", "Яра - унга вақтида қара", "Гижжа" ва бошқалар.

Тез-тез бериладиган саволларга жавоблар:

Шифокор рецептисиз (дори қоғоз) қабул қилинадиган дори-дармонлар.

Бу жой хомийларнинг рекламаси учун:

Ич нега қотади?

      Ич қотиши гўдагу қарияларни бирдек безовта қилади. Бу ҳолат туфайли бавосил, орқа чиқруви ёриғи, улар сабабли қон кетиш кабилар келиб чиқиши мумкин.

Қабзият – азият!

      Қабзият – йўғон ичакда ахлатнинг қотиб, узоқ вақт туриб қолиши. Қуйидаги ҳолатлар қабзиятга ишора қилади:

  • ҳожатга 1 ҳафтада 3 мартадан кам бориш;
  • ҳожатга кетган вақтининг 25 фоизидан кўпини кучанишга сарфлаш;
  • нажосатнинг қаттиқ ва “қўй қумалоғи” шаклида бўлиши;
  • кунлик нажосат миқдорининг камайиши;
  • ҳожатдан сўнг ичакнинг тўлиқ бўшанмаганлик ҳисси мавжудлиги.

      Қабзиятни даволашдан олдин унинг қайси турга мансублигини аниқлаш лозим. Функционал тури одатда парҳезга риоя этиш ва айрим дори-дармонлар билан бартараф қилинса, органик тури кўпинча жарроҳлик аралашувини талаб этади. Баъзида сурункали ич қотишни яширин депрессия келтириб чиқарган бўлиши мумкин. Бу пайтда малакали неврапатолог ёки рухий касалликлар шифокрининг ёрдами керак бўлади.
      Дарднинг сабаблари:

  • Кундалик таомномада суюқлик ва қолдиқ озуқага бой маҳсулотларнинг етарли бўлмаслиги;
  • жисмоний кам ҳаракат турмуш тарзи, узоқ вақт ўтириб ишлаш (масалан идорада, хайдовчилик ва ҳоказо);
  • ички аъзолар касалликлари: қандли диабет, эндемик буқоқ, камқонлик, гипотериоз, йўғон ичакнинг хавфли ва хавфсиз ўсмалари, бавосил, йўғон ичакнинг одатдагидан кўра ўзгача анатомик тузилиши ва жойлашиши, аёлларда кичик чаноқ аъзолари яллиғланиш касалликлари, гижжалар, дивертикул касаллиги;
  • турли хил дори-дармонларни ҳаддан ташқари кўп қабул қилиш: таркибида темир, висмут унсири бўлган хаб дорилар, аксилбиотиклар, аксилацидлар, аксилгистаминлар, смекта, ични бўшатувчи дориларни суиистеъмол қилиниши, сийдик хайдовчилар, аксилдепрессант сингарилар;
  • тез-тез хизмат сафарига бориш, таҳоратни «синдирмаслик» мақсадида хожат қистовини босиб туриш;
  • айрим аёлларда хомиладорлик даврида қабзият кузатилади.

      ДОРИСИЗ МУОЛАЖАЛАР:

  • Кундалик таомномада қолдиқ тўқимага бой озиқ-овқат маҳсулотларининг етарли миқдорда бўлишлигига эътибор беринг. Хусусан, қишда ҳар куни ярим килога яқин мева ва сабзавотлар, ёрмалар (жумладан лавлаги, ошқовоқ, сабзи, анжир, олхўри, ўрик) ни истеъмол қилиш, ёзда эса кунлик меъёрни 1 килога етказиш зарур. Ёзда мевалар барра ҳолда, қишда эса қоқиси истеъмол қилинади. Шунингдек кепакли нон, сўли ва маржумак ёрмаси, ўсимлик мойларидан истеъмол қилиб туринг;
  • “мевалар камалаги”: қуритилган қора олҳўри, анжир, баргакдан тенг миқдорда олиб, гўштқиймалагичдан чиқаринг. Сўнг шунча миқдорда асал қўшинг. Музлатгичда сақланади. Кечқурун ётишдан олдин 1 ош қошиғини ярим пиёла илиқ қайнаган сувга аралаштириб истеъмол қилинг;
  • буйрак касалликлари, қон босимининг юқорилиги сингарилар яъни тана шишга мойил бўлмаса, кунлик суюқлик миқдорини сақлаш зарур (кунлик меъёр 1,5 – 2 литр суюқлик - чой, толий суви, шарбат, газсиз маъданли сувлар, компот, шўрвалар);
  • ҳожатхонада “бургут ўтириш ҳолати”да бўлиш, яъни тиззаларни қоринга тираган ҳолда шошмасдан ични бўшатишга ҳаракат қилиш;
  • кўпроқ жисмоний ҳаракат қилинг; пиёда сайр, велосипед миниш, югуриш шулар жумласидан. Қорин мушакларини мустаҳкамловчи махсус машқларни бажаринг (мутахассис билан маслаҳатлашган ҳолда);
  • наҳорда ва ётиш олдидан 1 пиёладан толий суви (қайнатиб совутилган сувни музлатгичда музлатиб қайта эритилади)ни ичиш, эрталаб эса қорин деворини соат миллари бўйлаб уқалаш;
  • доривор гиёхлардан сано, каллезия, арпабодиён, мармарак, мойчечак, ўрмонқорин йиғмаларидан дамлама тайёрлаб ичинг.

      Қабзиятни бартараф этиш учун шифокор тавсияга кўра таркибида лактулоза бўлган дорини ичса бўлади. Лекин мақсадли даволаш фақат тиббий кўрик ва текширувлар хулосаларига таяниб, қабзиятнинг асл сабабини аниқлангандан сўнг бошланади.
      Таъкидлаш жоизки 55-60 ёшдан ошган кишиларда кейинги вақтларда пайдо бўлган ич қотиш (илгаридан эмас), тана вазни камайши, қорин оғриши, умумий ҳолсизланиш билан бирга кузатилса бундай вазиятларда ойдинлик киритиш мақсадида дарҳол шифокор кўригига шошилиш даркор.

"Ташҳис" газетасининг 2010 йил 13 май сонида чоп этилган ("Гастроэнтеролог қабулида" рукнида)

Бош саҳифа   Ўзингни англа!   Шарқ табобати   Муаллиф ҳақида   Bolajon sahifasi  
             © GASTRO.UZ-2014 All rights reserved. Web-design by Mahmud Ortiqov: mahmudjonaka@gmail.com