Ташхис газетасида чоп этилган мақолалар:

  1. Жиғилдон қайнаши жафолари.
  2. Таъсирчан ичак тажангликлари.
  3. Ўт ҳалтасиз ўтаётган кунлар.
  4. Ёғли жигар - хавфли жигар.
  5. Эндоскопия - ичингиздаги олам инъекоси.
  6. Хеликобактер пилори - инқилобга сабабчи бактерия.
  7. Эҳтиёт бўлинг: Гастропатия!
  8. Қоним кетди - жоним кетди.
  9. Ич нега қотади?
  10. Халитоз - ичим носоз.
  11. Диспепсияни даволаш даркор!
  12. Шамоллашнинг дорисиз даволари.
  13. Қорин нега дам бўлади?

Келгусида чоп этиши режалаштирилган мавзулар: "Ўт қопи яллиғланиши", "Панкреатит қандай дард?", "Яра - унга вақтида қара", "Гижжа" ва бошқалар.

Тез-тез бериладиган саволларга жавоблар:

Шифокор рецептисиз (дори қоғоз) қабул қилинадиган дори-дармонлар.

Бу жой хомийларнинг рекламаси учун:

Эндоскопия – ичингиздаги олам инъекоси.

      Меъда-ичак йўли аъзолари - қизилўнгач, меъда ва ўн икки бармоқ ва йўғон ичакларни махсус ёритиш тизими оптик асбоб ёрдамида текшириш усули бугунги кунда кенг қўлланилмоқда. Эндоскопия ёрдамида нафақат касалликларни ташхислаш балки, кичик даво муолажаларини ҳам ўтказиш мумкин.
      Тола оптикасига асосланган фиброэндоскоп ва тугал қисмига кичик ҳажмдаги чип ўрнатилган замонавий толасиз видеоэндоскоплар ёрдамида текширувлар қисқа фурсатда ва самарали ўтказилмоқда. Аҳоли орасида «зонд», «шланг», «япон зонди» номлари билан машҳур бўлган эндоскопнинг тугал қисми айланаси ҳажми 9,8 ва 7 хатто 5 мм бўлиб, бу муолажанинг кам ноқулайликлар билан ўтишини таъминлайди. Эндоскопик текширувда асосан шиллиқ ва шиллиқости пардадаги қуйидаги ўзгаришлар кўп аниқланади: яра ва унинг асоратлари, эрозиялар, чандиқлар, қизилўнгач ва меъда веналарининг кенгайиши, сафронинг қуйилиши, хавфсиз - хавфли ўсмалар ва уларнинг даражалари, ёт жисмлар, айрим озуқа чиқитлари (соч, қора сақич, хурмо пўсти, дафна барги сингарилар) тўпланиб қолиши - безоар, яллиғланиш белгилари, ички чурра ва бўртма-дивертикул, аъзо бўшлиғи торайиши ёки кенгайиши ва ҳоказо.
      Тавсиялар. Меъда-ичак йўли юқори қисм аъзоларини эндоскопия қилдиришга борадиган кишилар қуйидагиларни билиши лозим:

  • муолажадан 1 кун олдин кечки овқат енгилроқ бўлиши лозим. Овқати яхши ҳазм бўлмайдиган ва қайт қиладиган кишилар, яхшиси, 1 кун олдин куюқ овқат умуман емаганлари маъқул;
  • муолажадан бир кун олдин яхши дам олинг: вақтида ухланг, асабийлашмасликка ҳаракат қилинг;
  • муолажа куни нонушта қилманг (шу боис эрталаб ўтказилади);
  • ўзингиз билан тоза сочиқ олиб боринг;
  • муолажа давомида бўйинни сиқиб турадиган бўйинбоғ, шарф, рўмол шунингдек белбоғ, тасмани бўшатинг. Агар тиш протези бўлса, олиб қўйинг;
  • мабодо айрим дориларга аллергик реакциянгиз бўлса шифокорни огоҳлантиринг;
  • муолажа давомида шифокор кўрсатмаларига қатъий амал қилинг. Шунда текширув ҳам қисқа фурсатда, ҳам кам нохушликлар билан ўтади;
  • муолажадан сўнг озгина муддат дам олинг. Сепилган оғриқсизлантирувчи дорининг таъсири ўтгандан (тахминан 20-25 дақиқа) сўнг овқатлансангиз бўлади;
  • мабодо эндоскопия давомида шиллиқ пардадан гистологик текширувлар учун биоптат-намуналар олинса, 2 соат овқатланманг. Кейин эса илиқ ёки совуқроқ таъомларни истеъмол қилишдан бошланг. Гистологик текширувга олинган намуналарни бошқа муассасага олиб бориш лозим бўлса, кечиктирманг;
  • эндоскопия текширув хулосасини тасвири ва дискка ёзуви илова қилинган бўлса, уларни ҳам даволовчи шифокорга кўрсатгандан сўнг йўқотмасдан, сақлаб қўйинг;
  • айрим касалликларни даволагандан сўнг ёки маълум вақт ўтгач такроран назорат эндоскопия қилинишга тўғри келади. Бирламчи текширувдаги айтилган қайта текширув муддати келганда, кечиктирмай вақтида боринг;
  • Йўғон ичак ёки унинг айрим қисмларини эндоскопик текширувга боришдан олдин эса юқоридагиларга қўшимча равишда 2-3 кун чиқитсиз парҳез қилиш (ўсимлик-қолдиқ тўқимага бой озиқ-овқатларни кундалик таомномадан вақтинчага чиқариш), айрим сурги дориларни ичиш ва бир неча маротаба тозаловчи ҳўқналар қилиш лозим. Текширувга тайёргарлик шифокор томонидан буюрилади.

      Шуни таъкидлаш жоизки, айрим юртдошларимиз меъда-ичак йўли аъзолари эндоскопияси оғиздан ютиш орқали амалга оширилгани учун қийин муолажа сифатида қараб, вақтида текширишга бормайдилар. Оқибатда қимматли вақт қўлдан бой берилиб, бу яра касаллигининг асоратланиши ва саратон касаллигида кеч ташхис қўйишга сабаб бўлади. Юқорида айтилганидек, замонавий фиброэндоскоплар муолажани кам нохушликлар билан ўтишига сабаб бўлмоқда. Шундай экан, шифокор томонидан тавсия этилган эндоскопия тиббий текширувини вақтида ўтказинг.
      Эндоскопиянинг айрим турлари:
Эзофагоскопия – қизилўнгачни, эзофагогастроскопия – қизилўнгач ва меъдани, эзофагогастродуоденоскопия – қизилўнгач, меъда ва ўн икки бармоқ ичакни, ректосигмоидоскопия – тўғри ва сигмасимон ичак, колоноскопия – йўғон ичак қисмларини (пастга тушувчи ва кўтарилувчи қисмлар, кўндаланг чамбар ичак, кўричак) ичидан туриб кўради.

"Ташҳис" газетасининг 2010 йил 11 март сонида чоп этилган ("Аниқ ташҳис учун" рукнида)

Бош саҳифа   Ўзингни англа!   Шарқ табобати   Муаллиф ҳақида   Bolajon sahifasi  
             © GASTRO.UZ-2014 All rights reserved. Web-design by Mahmud Ortiqov: mahmudjonaka@gmail.com