Ташхис газетасида чоп этилган мақолалар:

  1. Жиғилдон қайнаши жафолари.
  2. Таъсирчан ичак тажангликлари.
  3. Ўт ҳалтасиз ўтаётган кунлар.
  4. Ёғли жигар - хавфли жигар.
  5. Эндоскопия - ичингиздаги олам инъекоси.
  6. Хеликобактер пилори - инқилобга сабабчи бактерия.
  7. Эҳтиёт бўлинг: Гастропатия!
  8. Қоним кетди - жоним кетди.
  9. Ич нега қотади?
  10. Халитоз - ичим носоз.
  11. Диспепсияни даволаш даркор!
  12. Шамоллашнинг дорисиз даволари.
  13. Қорин нега дам бўлади?

Келгусида чоп этиши режалаштирилган мавзулар: "Ўт қопи яллиғланиши", "Панкреатит қандай дард?", "Яра - унга вақтида қара", "Гижжа" ва бошқалар.

Тез-тез бериладиган саволларга жавоблар:

Шифокор рецептисиз (дори қоғоз) қабул қилинадиган дори-дармонлар.

Бу жой хомийларнинг рекламаси учун:

Ёғли жигар – хавфли жигар!

      Сўнгги пайтларда ёғли гепатоз ташхиси қулоғимизга тез-тез чалиняпти. Бу дард аҳоли орасида жигарини ёғ босибди, деб аталади. Хўш, бу қандай касаллик, унинг белгилари, оқибатлари ва энг муҳими, унинг олдини олиш чоралари нималардан иборат?
      Жигарнинг алкоголсиз ёғ касаллиги (ЖАЁК) – жигар касалликлари орасида кенг тарқалган бўлиб, инсон ҳаётига жиддий хавф солади, турмушини ёмонлаштириб, ногирон қилиб қўяди. Ҳатто, ўлимига сабаб бўлиши мумкин. Мазкур ҳолат алкоголсиз стеатогепатит, жигар циррози ва саратонига айланиши билан хавфлидир.
      Жигарнинг алкоголсиз ёғ касаллиги кўпинча белгиларсиз ўтиб, шифокор кўригидан ўтаётган беморда қоннинг биокимёвий таҳлили ёки ультратовушли текшируви натижасида аниқланади. Беморда деярли шикоят бўлмайди. Ҳолсизланиш, тез чарчаш, кайфиятнинг тез бузилиши, ўнг қовурғаости соҳасида нохушлик, қорин дам бўлиши, баъзида ёғли таъомларни кўтара олмаслик сингари белгиларга эса кўпинча эътибор берилмайди. Тери қичишиши, кўнгил айниш ва иштаҳасизлик, тери ва шиллиқ пардаларда сариқликни пайдо бўлиши, жигар ва талоқнинг катталашиши мазкур жараённинг ўзоқ муддат яширин кечганлиги ҳамда асоратланганлигидан далолат беради. Танадаги қуйидаги метаболик ўзгаришлар жигардаги ҳам ўзгаришларга сабаб бўлади:

  • Тана вазнининг меъёридан ортиқлиги;
  • Артериал қон босимнинг юқорилиги;
  • Иккинчи тур қандли диабет;
  • Қонда липид ва холестерин миқдорининг меъёридан кўплиги.

      Юқори калорияли овқатларни меъёридан кўп истеъмол қилиш ва камҳаракат турмуш тарзи инсулинга бўлган сезгирликни пасайтириб, жигарни ёғ босишига ҳамда ўз навбатида стеатогепатитга олиб келиши мумкин. Жигарнинг алкоголсиз ёғ касаллиги билан кўпинча бирга кечадиган метоболик синдромнинг клиник белгилари яққол намоён бўлгунига қадар беморларни қуйидаги текширувларда эртароқ аниқланиши мумкин:

  • турмуш ва овқатланиш тарзи ( жисмоний юкламасини ҳисобга олган ҳолда);
  • Тана вазни, сон ва белнинг айланасига ўлчами;
  • Артериал қон босимнинг кўрсатгичлари, ЭКГ ҳолати;
  • липид кўрсатгичларини баҳолаш: триглициридлар, умумий холестерин, холестерин липопротоидларнинг юқори ва паст зичлиги;
  • Наҳорда қонда глюкоза ва инсулиннинг миқдори.

      Шифокор юқоридагиларни ўрганиб, хулоса чиқаради ва зарур тавсияларни беради.      
Мазкур касалликнинг олидин олиш ёки ривожланишини камайтириш учун қуйидагиларга қатъий амал қилиш лозим:

  • аввало овқатланиш тартибини кўриб чиқиш керак. Минтақамизга хос ёғли ва хамир овқатларни кўп истеъмол қилишдан тийилиш: сариёғ, ҳайвон ёғи, маргариннинг қаттиқ навини кундалик таомномадан чиқариш лозим;
  • яримтўйинмаган ёғ жавхарларига бой маҳсулотларни истеъмол қилиш: ўсимлик мойлари (зайтун, кунгабоқар, данак), денгиз маҳсулотлари, балиқ, парранда, зайтун меваси, кишининг қувватга бўлган талабига мувофиқ мағизлар;
  • холестеринга бой маҳсулотларни камайтириш: ҳайвон жигари ва буйраги, икра, тухум сариғи, дудланган колбаса, ёғли гўшт ва сут маҳсулотлари;
  • қовурдоқ, мўл ёғда қовурилган овқатларни истеъмол қилмаслик;
  • овқатларни витаминлар ва табиий пребиотиклар билан бойитиш (мевалар, ер ноки-топинамбур, артишок, броколли-яшил гул карам, сафсар-пиёз, долчин, саримсоқ);
  • наъматак, зирк, жўхори попугидан дамламалар тайёрлаб ичиб юриш;
  • жисмоний машғулотлар тана вазнини камайтиради, инсулинга бўлган сезгирлигини ошириб, ёғларни эритади, умуман инсон вужудига ижобий таъсир кўрсатади;
  • наслида ўт-тош касаллиги, жигар циррози ва саратони, қандли диабет, хафақон касаллиги бўлганлар ихтиёрий профилактик тиббий кўриклардан ўтиб туриши лозим, айниқса, 35-40 ёшдан кейин;
  • дориларни назоратсиз қабул қилишдан эҳтиёт бўлиш.

      Таниқли олим Ж.Каплан қорин қўйиш, глюкозага бўлган чидамлиликнинг ўзгариши, артериал қон босимнинг юқорилиги ва қонда триглициридлар миқдорининг ошишини “ўлим даракчи тўртлиги” деб атаган. У танада моддалар алмашинувининг бузилиши белгилари назоратга олинмаса, кўпинча ўлимга олиб келиши таъкидланган. Метоболик ўзгаришларни ўз вақтида аниқлаш ва даволаш, соғлом овқатланиш турмуш тарзи, киши ёши ва ҳолатига кўра жисмоний фаоллик - жигарнинг алкоголсиз ёғ касаллигини олдини олишдаги муҳим омиллардир.

"Ташҳис" газетасининг 2010 йил 18 февраль сонида чоп этилган ("Шифокор қабулида" рукнида)

Бош саҳифа   Ўзингни англа!   Шарқ табобати   Муаллиф ҳақида   Bolajon sahifasi  
             © GASTRO.UZ-2014 All rights reserved. Web-design by Mahmud Ortiqov: mahmudjonaka@gmail.com