Ташхис газетасида чоп этилган мақолалар:

  1. Жиғилдон қайнаши жафолари.
  2. Таъсирчан ичак тажангликлари.
  3. Ўт ҳалтасиз ўтаётган кунлар.
  4. Ёғли жигар - хавфли жигар.
  5. Эндоскопия - ичингиздаги олам инъекоси.
  6. Хеликобактер пилори - инқилобга сабабчи бактерия.
  7. Эҳтиёт бўлинг: Гастропатия!
  8. Қоним кетди - жоним кетди.
  9. Ич нега қотади?
  10. Халитоз - ичим носоз.
  11. Диспепсияни даволаш даркор!
  12. Шамоллашнинг дорисиз даволари.
  13. Қорин нега дам бўлади?

Келгусида чоп этиши режалаштирилган мавзулар: "Ўт қопи яллиғланиши", "Панкреатит қандай дард?", "Яра - унга вақтида қара", "Гижжа" ва бошқалар.

Тез-тез бериладиган саволларга жавоблар:

Шифокор рецептисиз (дори қоғоз) қабул қилинадиган дори-дармонлар.

Бу жой хомийларнинг рекламаси учун:

Таъсирчан ичак тажангликлари.

      Орамизда йўғон ичак туфайли келиб чиққан ичак санчиғи, ич ўтиши ёки қотиб қолишидан, қорин дам бўлиши ва асаб бузилишидан шикоят этиб, шифокорга мурожаат қилишига қарамай, тиббий текширувларда бирор бир жиддий ўзгаришлар аниқланмаганидан ҳайрон бўлган кишилар учрайди. Ҳозир тиббиётда бундай ҳолатлар умумлаштирилиб, таъсирчан ичак синдроми – ТИС деб юритилмоқда. Таъсирчан ичак синдроми – ҳақида биринчи бўлиб инглиз шифокори У. Ослер ёзиб қолдирган. Ушбу ҳолатни “Шиллиқли колит” деб атаб инсонларда кўпроқ асаб бузилиши ва депрессия билан бирга келишига диққатини қаратган. 1930 йилларда адабиётларда "таъсирчан ичак" атамаси пайдо бўлгунга қадар, ушбу ҳолат "ичак коликаси", "йўғон ичак дискенизияси" "функционал колопатия" "спастик колит" "ичак неврози" сингари атамалар билан номланиб келинган. 1988 йилда Римда бўлиб ўтган халқаро гуруҳ йиғилишида ушбу атамага расмий тус берилиб, уни ташхислашдаги мезонлар тавсия этилди.
      Касаллик аломатлари. Хўш, инсон кайси ҳолларда ТИСга шубҳа қилиб, дардини аниқлаш учун шифокорга мурожаат этиши лозим? Римда ўтказилган охирги учинчи халқаро йиғин тавсияларига кўра агар киши ўзида қуйидаги ҳолатларни сезса, зудлик билан тиббиёт ҳодимларига кўриниши керак:

  • охирги уч ой мобайнида ҳеч бўлмаганда 3 кун давомида қорин соҳасида қайталаниб турувчи оғриқ ёки нохушликни қуйида келтирилаётган белгилардан иккитаси ёки ундан кўпроғи билан бирга сезса;
  • юқоридаги кўринишнинг хожатдан сўнг ўтиб кетиши;
  • холат бошланишини ҳожат саноғи билан боғласа (қисташи ёки акси);
  • ич келиши шаклини ўзгариши билан боғласа (қаттиқ, қўй кўмалоқ, бўтқасимон, қаламсимон сингарилар).

     Таъсирчан ичак синдромида уч ҳолат асосий ҳисобланади: ҳожат чиқаришнинг бузилиши (ич қотиши ёки кетиши), қоринда оғриқ ёки нохушлик, корин дам бўлиши. Оғриқ қоринда тарқоқ ҳолда, кўпинча киндик пастида ва чап томонда бўлиши хос ҳолатдир. Айрим ҳолларда оғриқ овқатдан сўнг кучаяди, кўпинча хожатдан сўнг пасаяди ёки йўқ бўлади. Ушбу хасталикда оғриқнинг яна ўзига хослиги шундаки, кундузи инсон фаол пайтларда бўлиши, кечқурун дам олаётганда, уйқуда, таътилда эса камайиши ёки йўқолишидир. Қорин ўта дам бўлиши, таранглашиш ҳолати кузатилади. Юқоридаги айтиб ўтилган белгилар билан бирга - жиғилдон қайнаши, кекириш, кўнгил айниши ва қайт қилиш сингари аломатлар ҳам пайдо бўлиши мумкин. Асабга хос ўзгаришлар: ваҳима, қўрқув, асабийлик, бош оғриғи, лоқайдлик, рак бўлиб қолишдан хавотир - кабилар яққолроқ намоён бўлади.
      ТИСга дахлдор бўлмаган кўринишларни ёдда тутиш зарур:

  • касалликнинг ўрта ёки катта ёшда бошланиши;
  • касаллик белгиларининг ўткир ҳолатда ўтиши (ТИС сурункали ҳолат, ўткир ҳолатда бўлиши мустасно ҳисобланади);
  • касаллик белгиларининг тоборо кучайиб бориши;
  • касаллик белгиларининг тунда пайдо бўлиши;
  • иштаҳа йўқолиши ва тана вазнининг камайиши;
  • тана ҳароратининг кўтарилиши;
  • тўғри ичакдан қон кетиши;
  • оғриқсиз ич кетиши ва ҳожат билан ёғнинг кўп миқдорда ажраб чиқиши;
  • лактоза ва фруктоза ферментларининг етишмаслиги (танқислиги) (сут, қаймоқ сингари махсулотларни ичганда ич дам бўлиб, ич ўтиб кетиши);
  • глютен (буғдой, арпа) истеъмолида ич кетиши.

      Юқорида санаб ўтилган ҳолларда таъсирчан ичак синдромидан бошқа касалликларга шубҳа туғилади. Шу боис гастроэнтерологга тезда мурожаат қилиш зарур. Тиббиётда ТИС истиснолар ташхиси деб юритилади. Беморда жиддий касалликлар инкор этилгандагина шундай тўхтамга келинади. Бунинг учун бемор шифокор тавсия этган барча тиббий кўрик ва таҳлиллардан ўтиши, сабрли бўлиши лозим.
      Овқатланишдаги ўзгаришлар - Қуйидаги маҳсулотларни истеъмол қилмаслик ёки чегаралаш лозим:

  • ёғли овқат, сут ва сут маҳсулотлари (пишлоқ, музқаймоқ ва ҳоказо);
  • шоколад, қаҳва, алкоголь ва газли ичимликлар;
  • айрим дуккаклилар (ловия, нўхат).

      Юқоридаги маҳсулотлар истеъмоли кўпинча касаллик белгиларининг зўрайиши ва ҳолатининг ёмонлашувига сабаб бўлади. Агар ҳолатингизнинг ёмонлашувига сабаб бўладиган озиқ-овқат маҳсулотларини билсангиз уларни ўта чегараланган ҳолда истеъмол қилишингиз ёки кунлик таомномангиздан чиқариб ташлашингиз зарур. Яна ҳам аниқлик киритиш мақсадида сизга ёқмайдиган маҳсулотларни билиш учун 10-12 кун мобайнида ёзма кундалик тутишингиз ва ҳолатингизни қайд этиб боришингиз зарур. Шу кундаликни сиз даволовчи шифокорга ҳам кўрсатиб, таҳлил қилишга ёрдам берасиз. Кундалик тўлдиришдаги тахминий саволлар қуйидагилар: Кун давомида қандай маҳсулотларни истеъмол килдим?, Қачон ва қандай нохуш белгилар мени безовта килди?, Қандай маҳсулотлар ҳолатимни ўзгаришига доим сабаб бўлади?. Шу кундаликда нохуш белгиларнинг хусусияти, давомийлиги, нажаснинг ҳолатига аҳамиятни қаратиш лозим.
      ТИСда парҳез. Ушбу касалликда пархез тавсияларга келсак мумкин бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари: агар нажосат келиши қабизиятга мойил бўлганда қолдиқ тўқимага бой маҳсулотлардан - озуқа туқимаси нажостни юмшатади ва ичак ҳаракатини рағбатлантиради - буғдой кепаги, паст навли ундан ёки кепак аралаштирилган нон маҳсулотлари («Бородино» «Латвияча» «Ригача» сингари нонлар), дон маҳсулотлари (нўхат, ловия), сабзавот (карам, лавлаги, сабзи) ва мева (олма, олхўри, анжир). Лекин паст навли ундан нон маҳсулотлари, ловия, карам, нухат сингариларнинг таомномада керагидан кўплиги ел ҳосилини кучайтириб, касалликнинг қайталанишига сабаб бўлишини эътиборга олиш лозим. Юқоридаги қолдиқ тўқимига бой озиқ-овқат мақсулотларини истеъмол қилганда кунлик суюқлик истеъмолини ярим ёки бир литрга кўпайтириш керак. Тозаланган қолдиқ тўқимага бой дорилар – махсус хабдори, кукун, суюқликлар шаклида дорихоналарда мавжуд бўлиб, қабул қилиш ҳақида ўз шифокорингиз билан маслаҳатлашинг. Агар шифокор сизга шундай дорилардан тавсия этган бўлса, унда дорини ичиш кўрсатмасига қатъий риоя этиш лозим. Акс ҳолда дориларга ўрганиб қолишлик ёки улар самарасини камайишига сабаб бўлади. Инсон ўз ҳолатини бошқариш, руҳий зўриқишларнинг олдини олиш, руҳий покланишни йўлга қўйиш лозим. Жисмоний фаоллик, дам олиш сингарилар умумий ҳолатга сезилари ижобий таъсир ўтказади.
      Қуйидагиларни ёдда тутинг! Таъсирчан ичак синдроми – сурункали кечиши ва қайталаниши мумкин лекин тоборо ёмонлашмайди. У ичакдан қон оқиш, ичак тутилиши, сўрилишнинг бузилиши сабабли озиб кетиш, тешилиш, жуда қаттиқ оғриқ, тана ҳароратининг кўтарилиши – сингари асоратлар қолдирмайди. Ичак яллиғланиши ва ўсма билан касалланиш хавфи бошқа соғ одамларникига ўхшайди.

"Ташҳис" газетасининг 2009 йил 24 декабрь сонида чоп этилган ("Шифокор қабулида" рукнида)

Бош саҳифа   Ўзингни англа!   Шарқ табобати   Муаллиф ҳақида   Bolajon sahifasi  
             © GASTRO.UZ-2014 All rights reserved. Web-design by Mahmud Ortiqov: mahmudjonaka@gmail.com