Ташхис газетасида чоп этилган мақолалар:

  1. Жиғилдон қайнаши жафолари.
  2. Таъсирчан ичак тажангликлари.
  3. Ўт ҳалтасиз ўтаётган кунлар.
  4. Ёғли жигар - хавфли жигар.
  5. Эндоскопия - ичингиздаги олам инъекоси.
  6. Хеликобактер пилори - инқилобга сабабчи бактерия.
  7. Эҳтиёт бўлинг: Гастропатия!
  8. Қоним кетди - жоним кетди.
  9. Ич нега қотади?
  10. Халитоз - ичим носоз.
  11. Диспепсияни даволаш даркор!
  12. Шамоллашнинг дорисиз даволари.
  13. Қорин нега дам бўлади?

Келгусида чоп этиши режалаштирилган мавзулар: "Ўт қопи яллиғланиши", "Панкреатит қандай дард?", "Яра - унга вақтида қара", "Гижжа" ва бошқалар.

Тез-тез бериладиган саволларга жавоблар:

Шифокор рецептисиз (дори қоғоз) қабул қилинадиган дори-дармонлар.

Бу жой хомийларнинг рекламаси учун:

Қоним кетди – жоним кетди.

      Меъда-ичак йулидан қон кетиши хаёт учун хавфли асорат ҳисобланади. Кузатишлардан маълумки, бундай ҳолатларнинг 5 - 10 фоизи ўлим билан тугайди.
     Меъда ва ўн икки бармоқ ичак яраси, қизилўнгач веналари варикоз кенгайиши, қизилўнгач ва меъда, ингичка ичак хавфсиз ва хавфли ўсмалари, меъда қон томирларидаги ўзгаришлар, қон касалликлари меъда-ичак йўлларига қон кетишига сабаб бўлади.
      Кўпинча яллиғланишга қарши ностероид дори воситаларнинг аспирин цитрамон, аспирин упса, тримол, диклофенак натрий, индометацин, ибуброфен, диклоберл, диклоран, корфлам, юнифлам, ринза, кетонал, цинепар) нотўғри қабул қилиниши меъда ва ўн икки бармоқли ичакда яра ҳосил бўлишига ҳамда қон кетишнинг кўпайишига сабаб бўлади.
      Нажосат рангининг қора тусга кириши, ҳолсизланиш, қўлоқ шанғиллаши, кўз олдининг қоронғилашиши, кўнгил айниши, “қаҳва қуйқаси” сингари ёки қизғиш қон қусиш, тери ва шиллиқ пардаларнинг рангпар тусга кириши, йиқилиш ва ҳушни йўқотиш – меъда-ичак йўлига қон кетишнинг кеч белгилари бўлиб, ичга тахминан 200 мл.дан 500 мл.гача қон кетганида намоён бўлади. Бу ҳолатлар тезкор тиббий чора-тадбирларни тақазо этади. Қон кетиш кўчада ёки уйда содир бўлган бўлса, биринчи ёрдам сифатида беморни ётқизиш, ўрнидан қўзғатмаслик, тоза ҳавога имкон яратиш, новшадил спиртини ҳидлатиш сингариларни бажариб, тезда касалхонага етказилиш зарур.
      Касалхона зарур текширувлар (клиник кўрик, фиброэндоскопия, қон тахлиллари ва гуруҳи, резус-омил, қорин бўшлиғи паренхиматоз аъзолари ултратовушли ташхиси) ўтказилгач, керакли терапевтик, эндоскопик ёки жарроҳлик даво муолажалари ўтказилади.
      ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ! Қуйидаги кишилар меъда-ичак йўлидан қон кетишга кўпроқ мойил бўлишади:

  • меъда ва ўн икки бармоқ ичак яраси борлар, бундай беморларнинг қон гуруҳи 1 бўлиши;
  • ёши 65 ёшдан ўтганлар;
  • яллиғланишга қарши ностероид дорилар ва аксилкоагулянтларни қабул қилиш;
  • Жигар циррозига чалинганлар Меъда ва ўн икки бармоқ ичак яра касаллиги билан оғриганлар ва яллиғланишга қарши ностероид дорилар ичаётган кишиларда қон кетиш ҳолати кўпроқ учрайди.

      ХАВОТИРГА ЎРИН ЙЎҚ. Қуйидаги дорилар ва озиқ-овқатлар нажосатни қорамтир тусга киритади:

  • Камқонликда буюриладиган таркбида темир унсури бор ҳаб дорилар (тардиферон, гинотардиферон, феррум-лек, мальтофер, глобекс, фераск);
  • таркибида висмут унсири бор дорилар (викаир, викалин, гастро-норм, де-нол, вентрисол, бисмофальк);
  • фаоллаштирилган кўмир дориси;
  • айрим озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам нажосат рангига қорамтир тус беради: қизилча, гилос, олча, шотут, қора смородинани бир ўтиришда кўп истемол қилиш.

      Қон кетишни олдини олиш чораси:

  • Меъда-ичак касалликларини эрта аниқлаш учун шифокор кўригидан вақтида ўтиш;
  • агар меъда ва ўн икки бармоқ ичак яра касаллиги ташхиси қўйилган бўлса, уни вақтида тўлиқ даволатиш, профилактик кўрикдан ўтиб туриш лозим. Меъда ва ўн икки бармоқ ичак яра касаллиги хеликобактер пилори бактерияси билан бирга кечганда унга қирон келтирувчи даво мажмуасини ўтказиш қон кетиш хавфини пасайтиради;
  • агар меъда ва ўн икки бармоқ ичак яра касаллиги ташхисланган ва даволанган бўлса, юқорида кўрсатилган яллиғланишга қарши дори воситаларини ичмаслик ёки ичиш ҳаётий зарур бўлса, шифокор томонидан “фойда-зарар” тарозисига солиб кўриш;
  • яллиғланишга қарши ностероид дорилар ва аксилкоагулянтлар ичиш ҳаётий зарур бўлса, улар билан бирга ошқозон шиллиқ пардаларини ҳимояловчи дориларни ҳам профилактик қабул қилиш (шифокор тавсиясига кўра);
  • фармкимёсаноатида ошқозон шиллиқ пардасига тажаввускор таъсир этувчи дориларни уни тажаввузидан ҳимоя этувчи дорилар билан биргаликда, шаклда (комбинация) ишлаб чиқишни йўлга қўйиш;
  • сигарет чекиш ва спиртли ичимликлар истеъмол қилиш сингари зарарли одатлардан батамом воз кечиш;
  • аждодингиз ва оила-аъзоларингизда ошқозон ва ўн икки бармоқ ичак яра касаллиги, ошқозон-ичак йўллари ўсмаси сингарилар билан ташхисланиб, даволанганлар бўлса, профилактик тиббий кўрикдан ўтиб туриш лозим;
  • вирусли гепатит ташхиси аниқланган бўлса, албатта, юқумли касалликлар шифокори назоратида бўлиш, вақтида даво-профилактик чора-тадбирларидан ўтиш.

      Қон кетиш билан даволанган беморнинг санатория шароитида тиклаш босқичи лозим бўлса, умумий ҳолатни ҳисобга олган холда 6 ойдан сўнг тавсия этилади.

"Ташҳис" газетасининг 2010 йил 22 апрель сонида чоп этилган ("Шифокор қабулида" рукнида)

Бош саҳифа   Ўзингни англа!   Шарқ табобати   Муаллиф ҳақида   Bolajon sahifasi  
             © GASTRO.UZ-2014 All rights reserved. Web-design by Mahmud Ortiqov: mahmudjonaka@gmail.com