Ташхис газетасида чоп этилган мақолалар:

  1. Жиғилдон қайнаши жафолари.
  2. Таъсирчан ичак тажангликлари.
  3. Ўт ҳалтасиз ўтаётган кунлар.
  4. Ёғли жигар - хавфли жигар.
  5. Эндоскопия - ичингиздаги олам инъекоси.
  6. Хеликобактер пилори - инқилобга сабабчи бактерия.
  7. Эҳтиёт бўлинг: Гастропатия!
  8. Қоним кетди - жоним кетди.
  9. Ич нега қотади?
  10. Халитоз - ичим носоз.
  11. Диспепсияни даволаш даркор!
  12. Шамоллашнинг дорисиз даволари.
  13. Қорин нега дам бўлади?

Келгусида чоп этиши режалаштирилган мавзулар: "Ўт қопи яллиғланиши", "Панкреатит қандай дард?", "Яра - унга вақтида қара", "Гижжа" ва бошқалар.

Тез-тез бериладиган саволларга жавоблар:

Шифокор рецептисиз (дори қоғоз) қабул қилинадиган дори-дармонлар.

Бу жой хомийларнинг рекламаси учун:

Диспепсияни даволаш даркор.

      Орамизда ошқозон оғриғидан шикоят қиладиганлар кам эмас. Улар кўпинча ўзларига-ўзлари ташхис қўйишади: “Бу оғриқлар гастритдан, талабаликда орттириб олганман”, “Ошқозон ярасига чалиндим, шекилли” ва ҳоказо... Шифокордан функционал диспепсия ташхисини эшитгач эса, бу қандай касаллик, дея ҳайрон бўлишади.
      Тўш остидаги оғриқдан безовта беморни тиббий текширганда оғриққа сабаб бўлдиган турли органик (яра, гастрит, ўсма, ёт жисм) ва метаболик моддалар алмашинуви бузилиши) касалликлар аниқланмаса, бундай ҳолатда функционал диспепсия ташхиси қўйилади. Кузатувларда аниқланишича, аҳоли орасида диспепсия тарқоқлиги 30-40 фоизгача бўлса, умумий амалиёт шифокорига мурожаат этувчиларнинг 5-10 фоизида диспепсия аломатлари кузатилади.
      Касалликнинг асосий сабаблари:

  • Наслда меъда-ичак касалликлари бўлиши;
  • Руҳий ва ижтимоий омиллар: замон тезкорлиги, асаб бузилишлари, оилавий можаролар, ишхонадаги муаммолар, узоқ муддат меҳнат таътилисиз ишлаш;
  • Ошқозон-ичак тизими аъзоларининг асаб орқали бошқариладиган ҳаракат - қисқариш вазифаларининг издан чиқиши;
  • Тана ички аъзолари, хусусан меъданинг ўта сезгирлиги туфайли оғриққа бўлган юқори таъсирчанлик.

      Функционал диспепсиянинг икки: овқат истеъмолидан кейинги шикоятлар (дискенитик) ва тўш ости соҳасида оғриқ тури фарқланади. Биринчи турда меъда қисқариши, овқат луқмасининг пастга қараб силжиши бузилади. Бу ҳолатда киши овқатланганидан бир оз вақт ўтиб, тўйганлик ҳисси, кекириш, тўшости соҳасида овқатнинг “тўп” сингари тургандек бўлиши, иштаҳанинг пасайиши сингари белгилар кузатилади.
      Касалликнинг тўш ости соҳасида оғриқ турида эса овқатдан сўнг қаттиқ ёки суст оғриқ пайдо бўлади. Ташхисга бўлган асосий талаблардан бири бу – вақт мезони, яъни беморни шифокорга мурожаат этган пайтида камида 3 ойдан ошиқ муддатда вақти-вақти билан безовта қилаётган бўлиши лозим.
      Ташхислаш мезони. Ошқозон-ичак йўли аъзолари юқори қисмини эндоскопия ва қорин бўшлиғи паренхиматоз аъзоларининг ультратовуш текширувида оғриққа сабаб бўладиган бирор-бир жиддий ўзгаришлар аниқланмайди. Айниқса, эндоскопия давомида ошқозондан олинган намуна – гастробиоптатни гистокимёвий усулда текширилганда яллиғланиш белгилари, яъни гастрит истисно этилади. Лаборатория таҳлиллари ҳам кўпинча меъёрни кўрсатади.
      Қуйидаги белгилар функционал диспепсияни инкор этади:

  • қайталаниб турувчи кўнгил айниши ва ташла қусиш, озиш, иситма, меъда-ичак йўлига қон кетиш, овқат луқмасининг қизилўнгачдан ўтишидаги қийинчиликлар;
  • яллиғланишга қарши ностероид дориларни ичиб туриш;
  • қайталаниб турувчи жиғилдон қайнаши;
  • хеликолбактер пилори бактерия аксилтанаси қонда ёки бошқа усулда аниқланган бўлиши.

      Тиббиётда “ошқозон кўпинча қўшнилар учун йиғлайди” деган нақлдан келиб чиқадиган бўлсак, қуйидаги кенг тарқалган хасталикларда оғриқ ошқозон соҳаси – тўш ости соҳасидан бошланиши мумкин:

  • ўт-тош касаллиги (ўт халтасидаги тош) ҳуружи;
  • ўткир аппендицит (кўричакни чувалчангсимон ўсимтасининг ўткир яллиғланиши);
  • ўткир панкреатит (ошқозон ости безининг ўткир яллиғланиши) ҳуружи;
  • миокард инфаркти ҳуружи;
  • диафрагманинг қизилўнгач тирқиши чуррасининг қисилиши;
  • ичак тутилиши ҳамда айрим ички чурраларнинг қисилиши;
  • овқатдан заҳарланиш ва бошқа ўткир гастритга сабаб бўладиган юқумли касалликлар;
  • сирка, ишқор эритмалари сингариларни бехосдан (билмасдан) ичиб юбориш ва бошқа ошқозондан ташқарида бўладиган касалликлар.

      Ошқозон бехосдан оғриши, оғриқнинг “пичоқ санчиғи” сингари чидаб бўлмас даражада қаттиқ бўлиши, теридан совуқ тер чиқиб рангпарлашуви, беҳоллик сингарилар яширин ёки ошкора кечган меъда ва ўн икки бармоқ ичак ярасини тешилиш аломатидир. Бундай ҳолатда одатда оғриқсизлантирувчи дориларни қабул қилмай ва вақтни беҳуда ўтказмай дарҳол яқин орадаги тез-тиббий ёрдам марказига мурожаат этиш лозим.
      Диспепсияда дастлабки тавсиялар:

  • функционал диспепсияда қатъий пархез тавсиялари шарт бўлмасада, балки тўшости - оғриққа сабаб бўладиган озиқ-овқат маҳсулотларни кундалик таомномадан чиқариш лозим. Муҳими овқатланиш тартибига риоя этиш ва албатта нонушта қилиш;
  • яллиғшланишга қарши дори-дармонларни қабул қилмаслик;
  • тамаки чекиш ва спиртли ичимликлар ичиш мутлақо мумкин эмас;
  • бирданига кўп овқат еманг, ёғли овқатларни чекланг;
  • руҳий мувозанатни сақлаш, руҳшунос маслаҳати, руҳий терапия ва тарбия, мусиқа ва кулги терапиялардан фойдаланиш;
  • дам олиш, мехнат таътилидан вақтида фойдаланиш лозим.

      Фунционал диспепсия ташхиси тўхтамига келиш учун шифокор-гастроэнтеролог кўригида бўлиб ва лозим бўлган тиббий текширувлардан ўтиш орқали, ошқозон-ичак тизими аъзолари бошқа хасталиклари инкор этилиши лозим. Даволашда меъда шираси кислоталилиги ошиқлигини камайтирувчи ёки камлигини кўпайтирувчи дорилар, прокинетиклар, аксилдепрессантлар, аксилацидлар, оғриқ қолдирувчилар, спазмга қарши дорилар, фитотерапия шифокор тавсияга кўра қўлланилади.

"Ташҳис" газетасининг 2010 йил 17 июнь сонида чоп этилган ("Шифокор қабулида" рукнида)

Бош саҳифа   Ўзингни англа!   Шарқ табобати   Муаллиф ҳақида   Bolajon sahifasi  
             © GASTRO.UZ-2014 All rights reserved. Web-design by Mahmud Ortiqov: mahmudjonaka@gmail.com