Парҳезли дастурхонлар:

Фалсафий мушоҳадалар:

Бу жой хомийларнинг рекламаси учун:

Шарқ табобати хазинасидан.

1 А ПАРҲЕЗ

      Бундай парҳез меъда ва ўн икки бармоқ ичакниниг яра касаллигида хасталикнинг 6-7 куни тайинланади. Бу қатъий парҳез бўлиб ором бахш этади, шунингдек меъдада яллиғланиш аломатларини камайтиради ва меъданинг шиллиқ қаватини жуда авайлаб битаётган ярага озор бермайди. Бу овқатлар ёғсиз ва тузи паст бўлади.
      Беморга меъда шиллиқ пардасини таъсирлайдиган ва меъда шираси ажралишини кучайтирадиган маҳсулотлар: янги нон, хамир овқатлар, ёғли гўшт ва балиқ, турли сардак ва зираворлар, газланган ичимлкилар бериш асло мумкин эмас.
      Овқат суюқ ва сал қуюқ бўлади. Сули, манний бўтқа, ширҳўрдаларни эзилтириб пишириш, уларга сутли аралашма, сариёғ, кўшиб бериш мумкин. Жуда иссиқ ва аксини бериш мумкин эмас. Беморга овқатлар бўлиб-бўлиб, 5-6 маҳал берилади. Янги соғилган сут, айниқса туя сутидан кунига 3-4 пиёладан хусусан уҳлаш олдидан ичиш фойдали.
      1 А пархезли буюриладиган бир кунлик тахминий озиқ-овқатлар (граммлардан).
      Биринчи нонушта: 2 та чала пиширилган туҳум, сут 150
      Иккинчи нонушта: сут 180
      Тушлик: манний бўтқаси 200
      Бўғда пиширилган думалоқ қийма, сардаксиз (подлива)
      Кечки чой: мева кисели 180, наъматак қайнатмаси 180
      Кечки овқат: ширгурунч 200
      Кечқурун уйқу олдидан: сут 180
      Яллиғланиш жараёнини камайтириш учун тузни бир кеч кундузда 10-12 гр дан ортиқ истеъмол қилмаслик керак.

1-ўзбек миллий парҳези.
(А.А.Асқаров, А.А.Финкел ва А.И. Илҳомовлар бўйича)

      Секретор вазифаси ошган гастрит, меъда ва ўн икки бармоқли ичак яраси касаллигида дард анча босилиб турган даврда буюрилади.
      Янги ёпилган нон, булочка, тузламалар, дудланган маҳсулотлар, маринадлар, қовума товуқ гўшти, консервалар, гўшт ва товуқ сардаклари, шўр таомлар тавсия этилмайди.
      Булардан ташқари, беморларга қуйидагиларни: газли ичимликлар, сабзавотлар суви ва сардаклар, хантал, хрен, пиёз, гармдори, шунингдек меъдада узоқ туриб қоладиган ва дағал клетчаткаси кўп маҳсулотлар: бодринг, карам, редиска, турп, арчилмаган хом сабзавотлар тановул қилиш мумкин эмас.
      Барча таомлар бўғда ёки паст оловда пиширилади. Кунига 4-5 маҳал овқатланиш лозим бўлади. Овқат жуда иссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлмаслиги керак.
      1- ўзбек парҳезига қуйидаги миллий таомлар киритиш мумкин: вермишелли, қиймали, қайнатма, товуқ шўрвалар, мастава, хўрда, угра ош, сутли угра, ивитма палов, қийма палов, шовла, коваток дўлма, ширгурунч, қовоқ манти, чучвара. Бундан ташқари янги сабзавотлар, шарбатлар, кисел, қирғичдан ўтказилган олма, янги узилган помидор, димлаб пиширилган сабзи, творог, янги ивитилган қатиқ тановул қилиш мумкин. Уни кунига 2-4 пиёла ичиш керак. Агар сутни яхши кўтара олмасангиз уни ярим пиёладан овқатдан кейин суюқ чойга кўшиб ичинг.
      Маъданли сувларни илиқ ҳолида, овқатдан 1-2 соат олдин газини чиқариб қўйиб ичиш тавсия этилади.

2-ўзбек миллий парҳези.
(А.А.Асқаров бўйича)

      Бу парҳез меъда шираси етишмайдиган сурункали гастритларда тавсия этилади.
      2-ўзбек миллий парҳези таомлари одатда ёғни яхшилаб қиздириб тайёрланади, одатда гўштни иширишдан олдин сал қовуриб олинади ва маҳсулотлар унчалик майдалаб тўғралмайди ва устига қатиқ қўшилади. Хушбўй кўкатлар кашнич, укроп, петрушка, ялиз, турли навдаги қалампирлар оз миқдорда бўлади.
      Пархезга мошхўрда, мастава, чучвара, қайнатма шўрва, угра ош, бухороча палов, мошпалов, мошкичири, манти, ширчой кабиларни киритиш мумкин. Иштахани очиш ва меъда шираси ажралишини кучайтириш, меъданинг харакатини яхшилаш учун овқатга озгина гармдори қўшишга руҳсат берилади.

3-ўзбек миллий парҳези.

      Бу парҳез қабзият билан кечадиган колитлар ва ичак дискинезиясида тайинланади.
      Аччиқ ва шўр зираворлар, соуслар мутлақо берилмайди, ош тузи камайтирилади. Бундай ташқари, дағал сабзавотлар, ловия, нўхат, қаймоғи олинмага сут, дудланган маҳсулотлар ейиш мутлақо мумкин эмас. Овқатни илиқ ҳолида тановул қилиш лозим, ёзнинг иссиқ пайтларида овқатнинг кўпроқ қисмини салқин пайтда (эрталаб ва кечқурун) ейиш керак.
      Йўғон ичак дискинезиясида димлаб ёки бўғда пиширилган қовоқ, беҳи, сувда ёки бўғда пиширилган сабзи, анжир, қайнатиб ёки димлаб пиширилган беҳи тавсия этилади.
      Сабзавот ва мевалар таркибида клетчатка (қолдиқ тўқима) кўп бўлади, зеро клетчатка ичак харакатини яхшилайди ва ични юриштиради. Агар колит оқибатида жагар ҳам зарарланган бўлса ични юриштирадиган ширинликлар – қанд, асал, шунингдек шарбатлар мева сувлари, айниқса уларни эрталаб наҳорга ичиш фойдали.
      Кеч кузда, қишда ва эрта баҳорда, яъни ҳўл мевалар бўлмаган пайтларда мева қоқиларидан компот, қайнатма қилиб ичиш тавсия этилади. А.А.Асқаров (1958 й) томонидан қайнатмани қуйидаги усулда тайёрлашни тавсия этилган: мева қоқилар (олма, олча, шафтоли, нок, қора олхўри қоқилари, туршак)дан тенг миқдорда ҳаммаси бўлиб 0,5 кг миқдорда олинади, 1:4 нисбатда сув қуйиб, 45 дақиқа қайнатилади. Қайнатмани докадан ўтказиб, қолган қуюқ мевалар этини беморга бўлиб-бўлиб бир неча кун мобайнида берилади.

4-ўзбек миллий парҳези

      Бу парҳез унинг ижодкорлари номи билан Крюков-Асқаров парҳези деб аталади. У ингичка ичакнинг зарарланиши билан кечадиган энтероколитда, чиллаширда тавсия қилинади. Парҳез бир неча кунга мўлжалланган, бижғиш жараёнига қарши махсус қўлланилади, қатъий парҳез қаторига киради. Бу парҳез дисбактериозга, яъни ичак микрофлорасининг бижғишига қарши курашиш учун тайинланади, чунки ичак мифрофлорасининг бижғиши витаминларнинг, ёғлар. Оқсиллар ва ушлеводларнинг ингичка ичакда сўрилишига тўсқинлик қилади.
      Пархезга 3-5 кун мобайнида риоя қилинади. Янги соғилган сут, қанд, картошка, янги узилган сабзавотлар, мевалар, хамир овқатлар, сухари ейиш асло мумкин эмас.
      Ичак фаолиятини яхшиланиб, ич кетиши тўхташи, ахлат шакилланиши билан аста-секин парҳез овқатлар сони кўпайтирилади, бунда гурунч қайнатмаси, сувда пиширилган бўтқа, ҳўрда, қотган нон тавсия этилади.
      Беморга ўсимлик маҳсулотларидан тайёрланган дағал овқатлар, янги мева сабзавотлар, картошка, қанд, қаймоғи олинмаган сут, аччиқ ва шўр таомлар буюриш асло мумкин эмас.
      Бу парҳезда баъзи сут-қатиқ маҳсулотлари, жумладан қатиқ, кефир, қимиз, туя сути ичиш тавсия этилади. Айниқса қимиз фойдали бўлади, чунки у антибиотик жиҳатдан фаол, айниқса дисбактериозда фойдали. Қимиз йўғон ичакда бифидобактриялар ва лактобактериялар сонининг кўпайишига олиб келади.
      Қимизни 24 кун давомида кунига 5-6 маҳал 200 г дан, асосий овқатланишлар орасида ичиш буюрилади

5-ўзбек миллий парҳези

      Бу парҳез жигар ва ўт пуфагининг сурункали касалликларида буюрилади. Бу парҳезга узоқ вақтгача риоя қилиш керак бўлади, акс ҳолда касаллик зўрайиб, бемор ўзини ёмон ҳис қилиши, ўнг қовурғаси ости оғирлашиб, оғриши, кўнгил айниши, иштаҳаси пасайиб, касалликнинг бошқа аломатлари пайдо бўлиши мумкин.
      Парҳез жигарни жуда авайлайдиган, бузилган фаолиятни изга соладиган, шунингдек ўт йўллари фаолиятини яхшилайдиган тарзда тузилади. Бемор кунига 4-5 маҳал, доим бир ҳил пайтда овқатланиши керак, шунда жигар ўз вазифасини яхшироқ уддалайди. Овқат илиқ ҳолида тановул қилинади. Касаллик зўрайган даврда қайнатма ва эзилтирилган овқатларни ейиш тавсия этилади. Парҳез таомларга қийин эрийдиган ёғлар кам ишлатилади, оқсил ва углеводлар эса меъёр атрофида бўлади.
      Овқатни қайнатиб ёки бўғда пишириб ейиш керак, ёғда қовуриш мумкин эмас. Касаллик енгиллашган даврда овқатни салгина қовуриб тайёрлаш (ўсимлик мойида) мумкин.
      Сабзавот ва ёрмалардан эзилтириб пиширилган гўштсиз таомлар (сўк оши, карам шўрва, шолғом шўрва), шунингдек ёғсиз гўштдан қийма шўрва, шовла ва ҳоказолар, сут оши ва бўтқалар (угра оши, ширқовоқ, ширгурунч, ширчой), сузма, ўсимлик ёғи ва сариёғ, мева сабзавотлар, уларнинг шарбати тавсия этилади. Наъматак қайнатмаси жуда фойдали бўлади.
      Беморга қовурилган, ёғли, совуқ, шўр ва аччиқ овқатлар бериш мумкин эмас.
      Агар ўт димланиб қолиши ҳодисалари бўлса, овқатга кўпроқ ўсимлик мойлари (пахта, салат ёғи, кунжут, кунгабоқар, соя ва зайтун мойлари) ишлатилади, чунки улар ўт ҳайдайди, бундан ташқари таркибида носпецифик ёғ кислоталари бўладики, ёғ алмашинувида қатнашадиган ва жигарда ёғ тўпданишига йўл қўймайдиган липолитик ферментларнинг фаолиятини кучайтиради.
      Жигарнинг сурункали касалликлари зўрайганда оқсилли маҳсулотларни кўпроқ бериш тавсия этилади. Агар оқсилли маҳсулотлар организмга кам тушадиган бўлса, жигарнинг синтезлаш фаолияти бузилади, у ишлаб чиқарадиган ферментлар фаоллиги пасаяди, жигарнинг тўқимаси аста-секин бузила боради.
      Энг қимматли оқсиллардан бири соя оқсилидир. Унинг биологик қиммати товуқ туҳуми оқсилига нисбатан жуда юқори (83 фоиз). Соя маҳсулотлари (соя уни, соя концентрати) сурункали гепатитда яхши фойда қилади.
      5-ўзбек миллий пархезининг турлари:
      1.Эҳтиётлаб-авайловчи тури – ўт халтасини жарроҳлик амалиёти орқали олиб ташлашдан кейин буюрилади. Парҳез овқатлар калорияси паст, ёғ ва карбонсувлар чегараланган бўлади, оқсиллар миқдори эса меъёрида қолади. Қуйидагилар: ёрмаси эзилтириб пиширилган сабзавотли ва сутли суюқ ошлар, миллий овқатлардан ширқовоқ, ширгуруч, шовла, мастава, карам шўрва, угра оши, сўк оши, қайнатма шўрва тавсия қилинади. Таомлар сариёғда ёки ўсимлик мойида тайёрланади. Сут-қатиқ маҳсулотлари, жумладан творогни кенг истеъмол қилиш мумкин. Қайнатиб ёки бўғда пиширилган қовоқ, сабзи, лавлаги, картошкани эзиб тановул қилиш беморга яхши ёрдам беради. Овқатланиш тартиби кунига 5-6 маҳал.
      2.Липотроп-мой ишлатиладиган тури. Бу парҳез ўт димланиб қолиши синдромлари устун келиб, ўт чиқариш йўллари ва йўғон ичакнинг гипомотор дискинезияси бор беморларга тавсия қилинади. Парҳез овқатлар оқсилли липотроп маҳсулотлар ва ўсимлик мойлари билан бойитилган, бу эса ўт ажралишини кучайтиради. Осон ҳазм бўладиган углеводлар камайтирилади.

Бош саҳифа   Ўзингни англа!   Шарқ табобати   Муаллиф ҳақида   Bolajon sahifasi  
             © GASTRO.UZ-2014 All rights reserved. Web-design by Mahmud Ortiqov: mahmudjonaka@gmail.com