Парҳезли дастурхонлар:

Фалсафий мушоҳадалар:

Бу жой хомийларнинг рекламаси учун:


Рейтинг@Mail.ru

“Рўза тутинг – саломат бўласиз”
Ҳадиси шарифдан.

ТИҒСИЗ ЖАРРОҲ.

      Эътиборингизга Олмонияда чоп этиладиган “Р.М.Magazine” журналидаги мақолани ҳавола қиламиз. Унда бир неча олмон мутахассисларини рўзанинг ҳикматлари ҳақида билдирган фикрлари, тажрибалари ва хулосалари билан танишасиз.
      “Кишининг билмаган нарса ҳақида гапириши ва ёзиши, албатта, яхши эмас. Мен ҳам рўза ҳақида мақола ёзишдан олдин ўзим бир ойга яқин муддат рўза тутдим. Мақоланинг аввалидаёқ айтиб қўяйки, рўза Ислом ўлкаси бўлмаган мамлакатларда ҳам тез ёйилмоқда. Бу мавзуда бир тарафдан кўпгина олимлар тадқиқот олиб боришаётган бўлса, бошқа тарафдан касалликларни олдини олиш учун рўзани тавсия қилаётган мутахассис шифокорларнинг сони ҳам кун сайин ортиб бормоқда.
      Ҳозирда Олмониядаги 29 та клиникада рўза билан даволаш ишлари олиб борилмоқда ва рўза деярли барча касалликларни даволаш билан бирга ортиқча семизликни ҳам соғлиққа зарар бермасдан йўқолишини таъминламоқда. Рўзанинг тиббий ҳикматлари бўйича мутахассис сифатида танилган др. Хелмут Люцнер (Helmut Lutzner)нинг фикрига кўра, баданимизда йиллар давомида тўпланган заҳарларни ва кирларни ташқарига чиқариб ташлашнинг энг табиий йўли рўзадир.
      Мен бу мақолани қаламга олишдан олдин аввал 10 кун, кейин 25 кун рўза тутдим ва бошимдан ўтказган ҳолатлардан қуйидаги хулосаларга келдим:
  1. Рўза тутган киши очликни деярли ҳис этмайди.
  2. Рўза баданнинг ва фикрлашнинг хассослигини (сезгирлигини) оширади.
  3. Рўза инсонни ўз қолипида доимо тетик бўлишида ҳеч қандай тўсқинлик кўрсатмайди.
      Рўза тутиш давомида фақат ортиқча семизликдан қутулиши эмас, балки рўзанинг маънавий таъсирлари устида ўйлаб изланишлар олиб бордим. Чунки еб-ичишнинг инсон бадани билан бирга руҳига ҳам таъсир қилишини билганим учун, булардан сақланиш билан зеҳният ва руҳиятим тикланишига ишонардим.
      Рўза инсоният тарихининг энг аввалидан бошланган бўлиб, ҳатто бошқа жониворларда ҳам бир хил тарзда кўзга ташланади. Ҳафталаб ёки ойлаб рўза тутиш табиатдаги кўпгина ҳайвонларнинг ҳаётида ҳар йили кўриладиган ҳодисалардандир. Рўза тутиш қобилияти уларнинг соғлом ва тирик қолишида ҳам муҳим ўрин тутади.
      Бугун кўпгина ривожланган давлатлар мўл-кўлчиликда яшамоқда. Бироқ ана шу мўл-кўлчиликка кўникканлардан, озгина қийинчилик ва заҳматларга ҳам сабрсизлик қилиб чидолмай қоладилар. Бу давлатларда кўп ейишдан келиб чиқадиган касалликлар борган сари ортиб келяпти.
      Ҳар бир халқнинг ўзига хос миллий таомлари бор. Дастурхон атрофида оилавий овқатланиш, оиладаги шахсларнинг ўзар муносабатларини, бир-бирига меҳрларини зиёда қилади. Ҳатто бирор иш масаласида бир-бирини яхшироқ таниб олиш учун, энг аввал, бир ресторанда учрашиб овқатланиш ишбилармонларнинг одатидир. Ана шу “маълум вақтларда бир дастурхонда бир хил таомни бир-бирига илиниб истеъмол қилиш” кучайтирадиган севги ва ҳурмат ҳисларини рўзадан бошқа яна нима яхшироқ таъминлаши мумкин?
      “Рамазон ифторлари ва диний байрамларнинг маънавий ҳавосини олиш учун рўза тутиб ҳозирлик кўриш шарт” деган Мюнхенлик психолог Юрген Вон Шедит (Jurgen Von Schedit) ва сўзларини шундай давом эттиради: “Рўза умумий бир урф-одат, маданият бўлганда ундаги яширин ҳикматлар қадри янада юксалади. Бошқача айтганда, инсон қанчалик моддий томонга оғса, маънавият иқлимидан шунча узоқлашади”.
      Кўпгина маълум бўлган яна бир рўза, бу касалланган барча жониворлар савқи илоҳий (ички инстинкт) билан тутадиган рўзадир. Соғлигига путур етган ҳайвонлар еб-ичишни тарк этадилар. Бунинг изоҳи шундай: бирор хавф-хатарга йўлиққан бадан ҳазм билан овора бўлишни истамайди. Чунки бу ҳодиса билан жонивор олган озуқадаги энергетик қийматнинг учдан бири сарфланади. Шу сабабли тана ўзига керакли энергияни олишни маъқул кўриб, бор кучини касалликка қарши мудофаага йўналтиради.
      Рўзанинг унутилган ҳикматларини ғарб дунёсига такрор эслатиб қўйишда кўп ишлар қилган др. Отто Бучингер (Otto Buchinger) (1882-1970) “Шифоли Рўза” номли китобида, шахсан ўзи бир оғир касалликка йўлиқиши оқибатида рўза тутишни бошлагани ҳақида ҳикоя қилади. Хавфли бўғим ревматизми касалига учраган Бучингер аҳволи оғирлашганини, мускулларининг эриб, жигарининг шишганини ва ўт қопининг қайта-қайта яллиғланганини сезгач, рўза тута бошлаган. Бучингер рўзанинг тиббий ҳикматлари бўйича энг тажрибали олмон мутахассисларидан Густав Ридлнинг (Gustav Riedl) назорати остида рўза тутиб, бутунлай соғайиб кетади. Др. Бучингер ўн минглаб касаллар устида ўтказган тадқиқотларнинг натижасини қисқача шундай ифодалайди: “қон босимининг паст бўлиши каби истисноларни ҳисобга олмаганда, ҳеч бир касаллик йўқки рўзанинг унга фойдаси бўлмаса ёки бутунлай тузатмаса. Рўза – тиғсиз жарроҳдир!”
      Мен ўзим тутган рўза натижасида, зеҳ¬ним ва руҳиятимда қуйидаги ҳолатларни қайд эта олдим:
  • Рўза асносида янада яхшироқ диққатни бир нуқтага жамлаш қобилиятига эга бўлдим.
  • Баданим билан бирга зеҳн ва ҳис-туйғуларимда ҳам кучли сезгирлик пайдо бўлди.
  • Кундалик стрессларни (сиқилиш ва асабийлашишларнинг) камайганига гувоҳ бўлдим.
  • Юриш, велосипед минишга ўхшаш баъзи спорт турлари билан шуғулланганимда тана чидамлилигининг ортганини ҳис қилдим.
      Рўзанинг тиббий ҳикматлари бўйича мутахассис др. Люцнер ҳам илгари 10 км га югурадиган марофончилардан бўлган 54 ёшдаги бир спортчининг энг яхши натижаларини рўза тутган кунларининг 49 кунида қўлга киритганини таъкидлаган эди. Рўзанинг тиббий ҳикматлари бўйича яна бир мутахассис др. Хелга Бухлер (Helga Buhler) “очлик эълон қилиш” билан “рўза” орасидаги фарқни шундай ифодалайди:
      “Иккисининг орасидаги фарқ инсоннинг ниятидир. Рўза мусбат ва истакли ҳаракатдир. Очлик эълон қилишнинг манбаи эса ғазаб ва норозиликдир. Маълумки, ғазабланиш ва асабийлашиш ҳолатлари ошқозон кислотасини ишлаб чиқаришга, бу эса ўз навбатида очликка сабаб бўлади. Шунинг учун рўзадор киши очликни ҳис этмас экан, очлик эълон қилган одам кучли очликнинг чангалига тушади”.
      Рўзадор одам овқат ейиш ҳаяжони ва ташвишидан қутулиш билан бирга бир неча марта таом тайёрлаш ва идиш тозалаш заҳматидан ҳам халос бўлади. Бу орада инсон тамоман бошқа нарсалардан ҳам халос бўлганини ҳам англайди. Психолог Юрген Ван Шедит бу хақида шуларни таъкидлаб ўтади:
      “Ўзини моддий оламга боғлиқ ҳис қилганлар учун, “моддият” кишанидан халос бўлиш жуда муҳимдир. Рўза бахш этган ана шундай ҳуррият туйғулари билан бундай улкан хазинага эга бўлиш мумкин. Рўза воситасида асосий муаммолари моддиятга боғланиш бўлган барча инсонларни, ичкилик ва гиёҳванд модда мубталоларини ҳам психотерапия орқали даволаш мумкин бўлмоқда”.
      Др. Хелмут Люцнер “Рўза туфайли янгидан туғилгандек” номли китобида қуйидаги ҳақиқатларни ёзади:
      “Рузадор ҳис қиладиган очиқиш пайтлари, аслида даволаш сеанслари вақтидир. Бу вақтлар касаллик пайдо қиладиган ва зарарли моддалар тўқималардан чиқиб баданда кезиб юрган соатларга тўғри келади. Рўза асносида баъзида танада пайдо бўладиган тер ҳидлари ва оғиздаги бадбўйлик ўша зарарли моддаларнинг танадан чиқиб кетиши туфайлидир.”
      Др. Хелмут Люцнер яна шуларни ёзади: “Рўза тутишнинг завқини унинг фойдаларини билгач янада кучли ҳис қиласиз:
  1. Қувватли маънавий руҳият;
  2. Ўз руҳиятингизга ва баданингизга нисбатан тобора ортиб борувчи кучли алоқа;
  3. Тасаввур ва эслаш қобилиятининг ортиши;
  4. Ўзингизга бўлган ишончнинг зиёдалишиши ва бирор масалада қарор қабул қилишда кучли совуққонлик (яъни ҳовлиқмаслик).
  5. Таъм билиш ҳиссининг ортиши ва рўзадан кейинги соғлик учун манфаатли бўлган. озиқланиш имконияти.
      Бу ҳикматларнинг барчасини рўзада мавжудлиги дарҳақиқат ажабланарлидир. Кўп овқат ейишга кўникканларда рўзанинг илк кунларида пайдо бўладиган қийинчиликни эса, оддийгина йўл билан кетказиш мумкин. Рўзани бошлаган кунларда кўпроқ ҳўл мева ейиш ошқозоннинг яллиқланишидан тўсади ва бузилиши ёки бош оғриғи каби беҳузурликларни кетказади”.
      Др. Бучингернинг сўзини бироз кенгроқ; ифодалаб, шундай хулоса чиқариш мумкин:
      “Руза тиғсиз жарроҳ ва маънавий калқондир. У руҳиятимизни маънавий кирлардан тозалаб, гуноҳлардан муҳофаза қилгани сингари, баданимизни ҳам за-рарли моддалардан халос қилиб, турли касалликлардан ҳимоя қилади”.
      Ўзга дин вакиллари бўлган ғарб олимлари динимиздаги бир ибодатга шунчалик эътибор бераётган экан, биз мусулмон бўлишдек улкан бахтнинг кадрига етиб қанча шукур қилсак ҳам кам!

"Шарқ табобати" журналида чоп этилган.

Бош саҳифа   Ўзингни англа!   Шарқ табобати   Муаллиф ҳақида   Bolajon sahifasi  
             © GASTRO.UZ-2014 All rights reserved. Web-design by Mahmud Ortiqov: mahmudjonaka@gmail.com             
счетчик посещений