Парҳезли дастурхонлар:

Фалсафий мушоҳадалар:

Бу жой хомийларнинг рекламаси учун:

Фалсафий мушоҳадалар.

Шайх Фаридуддин АТТОР “Илохийнома” китобидан:

Зиғирдек бир харом луқма есанг гар, азоби то абад жонингни ўртар.
Симу зар йиғма айлаб мунча чоп-чоп, йўқолгайсен назардин мисли симоб.
Етар бир кунда бир нонинг тамом ул, этарсен икки нон орзу харом ул. . .

Мавлоно Жалолиддин РУМИЙ:
(“Маснавий Маънавий” 2-китоб, Форсийдан Жамол Камол таржимаси,
Тошкент 2002 й 28 бет.)

Тотли-тотли ош берурсен танга сен
Жавҳаринг ҳеч ошганин кўрганмисен?
Мушк агар жисмингга сингиб, жо бўлур,
Сассиғи ўлган кунинг пайдо бўлур.
Мушкни сен жисминггамас, кўнглингга сол,
Не эмиш мушк-номи поки Зулжалол.

Бўйладир ушбу жаҳонда қийлу қол (гап-сўз)
Оч кўзингни боқ жаҳонга, ибрат ол.
Сен ўзингдан-ку қочолмассен, аниқ,
Бас, нетиб Ҳақдин қочарсен, эй рафиқ! (98 бет 1 китоб)

Учта сўзга кам қимирлат лабинг,
Ақчангу юрмоқ йўлинг ҳам мазҳабинг.
Шу учовга кўп эмиш душман-адув,
Билса, бас, тушгай сенинг қасдингга у. (105 бет 1 китоб)

Агар қорнингни банд этса нажосат,
Нечуку келгай сенга илму фаросат?

Кўнгилни Ҳаққа бер, етгил муродга,
Берарсен халққа, қолгайсен уятга
Ҳамма йўлларни беркит, тамба айла,
Кўнгилни Ҳаққа бергил, унга бойла.

Ёпишма шу жаҳонга ит каби, паст,
Кучуксен, сенга битти устихон бас.
Сени ул нафси кофир маст этибдир,
Сени ғафлат босибдир, паст этибдир.

Агар нафсингдан ул бир зарра қолгай,
Сени йўлдан уриб, ғафлатга солгай.
У кўппак қорни тўйса бир замон, бас,
Арслон келбатин олса ажабмас.

Агарда қорин тўйса бир замон ул,
Тилин ғийбатга бургайдир хамон ул.

Тилини тиғ этар-да, шиддат айлар,
Бутун аҳли жаҳонни ғийбат айлар.

ХИРСИНГДИН ЙЎҚОЛМИШ СЕНДА ОРОМ,
АСИР ЭТМИШ СЕНИ ДУНЁ ДЕГАН ДОМ.

Хасан Басрий ва Робиа ҳикояти:

Хасан чиқди шаҳардин, йўлга тушди,
Юриб, бир дашту саҳрога етишди

Кўринди даштаро Робиа шул дам,
Эди олдида қушлар, оҳулар жам.

Хасанни жониворлар кўрдилар, бас,
Чўчиб, хар ён қочишга этдилар қасд.

Кўриб бу холни Басрий бўлди хайрон,
Ёниб рашку аламлар ичра бир он,

Дедиким, хай, улар қочмайди сендан,
Қочурлар не сабаб ҳар ёна мендин?

Не еб эрдинг? Хасан деди: пиёздоғ,
Пиёз эрди ва жиндек чарвидин ёғ.

Бисотда бор эди бир бош пиёзим,
Ва озроқ чарвиёғим, чорасозим.

Пиёзим бирла ёғни айладим ўнг,
Қовурдим-да, тановул айладим сўнг . . .

Эшитди Робиа, чун англади роз,
Хитоб айлаб Хасанга, чекди овоз:

Уларнинг ёғини ерсан, аён бу,
Қочарлар баски сендан, қочмасинму?

Чумолидек таомни оз есанг гар.
Сени қабрингда қуртлар оз егайлар.

Агар бир кунда бир хурмо есанг, бас.
Ўшал қабринг сенинг қуртхона бўлмас.

Танинг қуртларга андоқким емишдир,
Уларга битта хурмо бас эмишдир.

Егайсан хар куни чун ошу нонсан,
Емакка ошу нонни пахлавонсен.

Кунинг мабраздаю матбахда доим,
Дилинг хам икки шу дўзахда доим

Ки дўзахдин чиқиб, дўзах борурсен,
Чу мабраздан чиқиб, матбах борурсен.

Емак, ичмакдин ўзга бир ишинг йўқ,
Бу савдодин бўлак бир ташвишинг йўқ.

Сенга жонингни эт дерлар тахорат,
Сен эрсанг танни этгайсен иморат.

Деса, ботинни ҳурмат қил хамиша,
Сенга зохирга хизмат бўлди пеша.

Ўзингни ўтга ур, сабри субит қил,
Единг бир луқма, бас, ўлтир, сукут қил. . .

Севимли шоиримиз Эркин Вохидовнинг шеърларида куйиниб ёзилган таънали мисралар бор

Нега япон юз йил яшар-у,
Ўзбек бунча ёшга бормайди?
Чунки япон биздек қоронгу
Сахар туриб ошга бормайди

Боласига макка, мош берган,
Дошқозонда юртга ош берган
Борми шундай юкка дош берган?
Ўзбек бўлиш осон эмасдир.

Абдулла Авлонийнининг “Дунё китоби” шеъридан:

Беморинг агар сиҳҳатини истаса оллоҳ,
Келгай қошиға дору билан соҳиби дармон.
Ҳар кимнинг агар умри томомига етушса,
Йўқ фойдаси келган или қошиға Луқмон.

Марҳабо Каримова “Кўзи кулиб турган одамлар” шеъридан:

Қоқ пешинда келади хабар,тенгдош қўшни йиқилиб қобди,
Юрагининг томирларига, қуйилган қон тиқилиб қобди.
Ўғиллар шукурки, пулдор, дард безовта қилган ҳаммасин,
Керак юз хил дори-ю дармон, ҳар бандами Худо сақласин.

Аввало-ку Оллоҳнинг ўзи, ҳар кимсага умр берувчи,
Баъзан дарду касалимизга, нафсимиз хам бўлар сабабчи.
Сиҳатликни қилиб эҳтиёт, емайлик ҳеч ҳайвон ёғларин,
Ариғига балчиқ тўлатиб, қуритмайлик юрак боғларин.
Оқиб турсин қонимиз равон, қуйилмасин, тиқин бўлмасин,
“Вой юрагим !” деб ётиб қолсак, болаларга чиқим бўлмасин.

Бош саҳифа   Ўзингни англа!   Шарқ табобати   Муаллиф ҳақида   Bolajon sahifasi  
             © GASTRO.UZ-2014 All rights reserved. Web-design by Mahmud Ortiqov: mahmudjonaka@gmail.com